A
x up auto down

Республика аҳолиси қачон рақамли телевидение билан тўлиқ қамраб олинади?

Мамлакатимизда рақамли телевидениени жорий этиш борасидаги ишлар  2007 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Тошкент ва Бухоро вилоятларида ер усти рақамли телевидение тажриба зонасининг ташкил этилиши янги турдаги телекўрсатувларга босқичма-босқич ўтишни бошлаб берди.

Ҳозирги кунда Давлатимиз Раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қатор қарорлар асосида Республикамизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармонларига асосан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида рақамли телевидение учун техник қурилмалар ва асбоб-ускуналар ўрнатиш белгиланган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2017 йилда республикамиз ҳудудларида 66 та юқори қувватли ва 328 та кам қувватли рақамли телевидение узаткичини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш белгиланган.

Ҳозирги кунда “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмаги ва бевосита раҳбарлиги остида “Ўзбекистон Республикаси ер усти рақамли телевидение тармоғини ривожлантириш” инвестицион лойиҳаси асосида рақамли телеузаткичларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳа асосида бугунги кунда Республиканинг вилоят марказлари ва шаҳар ва туманларига (Андижон, Фарғона, Сўх, Қўқон, Чимён, Шўрсув, Нуробод, Чуст, Чодак, Ленбург, Тошкент, Чорбоғ, Шовгаз, Қуёшли, Гулистон, Жиззах, Қўйтош, Каттақўрғон, Нуробод, Каттақўрғон, Чўпон-ота, Тахтақарача, Қарши, Муборак, Кўксой, Одамтош, Жарқўрғон, Боботоғ, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Ғозғон, Томди, Темирқовуқ, Бухоро, Олот, Зафаробод, Газли, Қизилровот, Қоровулбозор, Дарбанд, Боботоғ, Жарқўрғон, Чинор, Вахшивор, Ургенч, Тупроққалъа, Питнак, Нукус, Қўнғирот, Манғит, Жаслиқ, Қибла-Устюрт, Каракалпакия, Тўрткўл, Мўйноқ, Шуманай, Тахтакўпир РТСларда) DVB-T2 стандартидаги юқори қувватли рақамли телеузаткичларнинг барчаси ўрнатилиб, синов тариқасида ишга туширилган. Республикамизнинг “Мустақиллик байрами”ни нишонлаш арафасида синов муддатларини якунлаб, ташкил этилган рақамли тармоқлар ва техник воситаларни тўлиқ фойдаланишга қабул қилиш режалаштирилган.

Республиканинг вилоят марказлари ва йирик шаҳарларида юқори қувватли рақамли телеузаткичларнинг ишга туширилиши натижасида Республика аҳолисининг 96 % рақамли телевидение дастурлари билан таъминланди.

2017 йилнинг якунига қадар Республиканинг тоғли ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларига DVB-T2 стандартидаги кам қувватли рақамли телеузатгичлар ўрнатиш ва Республика аҳолисини тўлиқ 100% рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Ушбу ўрнатиладиган кам қувватли рақамли телеузаткичларга сигнал сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали етказиб берилади. Бу бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.